Jump to content

Бойсунғур

From Vikipediya

Бойсунғур, Бойсунқур ёки Бойсунқар (16-сентабр 1397-йил, Ҳирот — 20-декабр 1433-йил) — темурий шаҳзода.

Шоҳрух Мирзо билан Гавҳаршодбегимнинг ўғли. Бойсунғур 1414 йил Мозандарон, Астробод ва Журжон вилоятлари ҳокими, 141620 йилларда эса отаси Шоҳрухнинг вазири бўлган. Эрон Озарбайжони (1420) ва Астробод (1431) ҳокими. Оғир дардга чалиниб 36 ёшида вафот этган.

Бойсунғур инсонпарвар, адолатпеша, илм ва адаб аҳлига мурувватли ҳукмдор бўлиш билан бирга, ўзи ҳам ғазаллар битган, хаттотлик ва наққошлик санъатини мукаммал эгаллаган. У Ҳиротда ноёб қўлёзмалар жамланган жуда бой кутубхона ташкил қилган, унда 40 дан ортиқ хаттот мўғуллар истилоси даврида йўқ қилинган қўлёзмаларнинг бўлак нусхаларини топиб, улардан нусхалар кўчириш ёки яроқсиз ҳолга келганларини тиклаш билан машғул бўлган. Ҳиротдаги Гавҳаршодбегим масжиди безаклари ва. китобаларини шахсан Бойсунғурнинг ўзи бажарганлиги тарихий манбаларда қайд этилган. Унинг раҳбарлиги ва бевосита иштирокида Абулқосим Фирдавсий „Шоҳнома“сининг танқидий матни тузилган (1425—26). Унга Бойсунғурнинг ўзи сўз боши ёзган. „Шоҳнома“ нинг бу нусхаси „Шоҳномаи Бойсунғурий“ деб аталган (расмлар билан безатилган мазкур қўлёзма Теҳрон музейида сақланади). Шунингдек Бойсунғур жаҳон санъати тарихида муҳим ўрин тутган Ҳирот миниатюра мактабита асос солган. Бу мактаб вакиллари томонидан кўчирилган асарларнинг кўпчилиги Истанбул кутубхоналарида сақланади.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. "Бойсунғур" ЎзМЕ. Б-ҳарфи[сайт ишламайди] Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил