Дорбозлик
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Дорбозлик, дор ўйин – баланд дор устида томоша кўрсатиш санъати, сирк санъати жанри. Дор устида ҳар қандай нотурғун ҳолатда ҳам гавда мувозанатини сақлаш маҳорати намойиш этилади. Дорбозлик тахминан 2,5 минг йил муқаддам Шарқда пайдо бўлган, сўнг бутун дунёга тарқалган. Дорбозлик дастлаб паст қурилган, машклари ҳам содда бўлган. Давр ўтиши билан дор тобора баландроқ қурилиб, ўйинлари мураккаблаша борган. Дорбозлик ўйинлари аввал очиқ майдонларда, 18-аср охиридан эса сирк саҳнасида намойиш этиладиган бўлди ва сирк санъатининг ажралмас қисмига айланди, янги тараққиёт даврини бошлади.
Ўзбекистонда дорбозлик қадим тарихга эга. Баъзи манбалар Амир Темур саройида ажойиб дор ўйинлари кўрсатилганини тасдиқлайди. Дорбозлик Ўзбекистоннинг барча йирик шаҳарларида, айниқса Қува, Асакада тараққий этган. Ўтмишда ўзбек дорбозлари Хитой, Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон, 18–19-асрларда Россияда ўз маҳоратларини намойиш этганлари тўғрисида маълумотлар бор. Ўзбек дорбозлари 25–30 м баландлиқдаги устунларга қия қилиб тортиладиган арқон устида лангар-чўп билан бўладиган ўйинларни: югуриш (олға, орқага), сакраш, оёкларга пичоқ ёки патнис боғлаб, шунингдек, кўзни боғлаб, бошга халта ёки қозон кийиб юриш, якка ва қўш чиғириқда ўйнаш каби турли-туман машқларни бажарган. Дор ўйинлари дор тагида раққосларнинг ўйинлари, қизиқчилар, аскиячиларнинг чиқишлари ҳамда анъанавий сирк турларидан симдор, ёғочоёқ, найрангбозлик, бесуяк, муаллақчилик, ўргатилган айиқ, илон, маймун, от, эчки ўйинлари билан бирга олиб борилган.
20-асрда ўзбек дорбозлик санъатини янги мазмунда ривожлантиришда ва анъаналарни давом эттиришда Асака дарбозлари сулоласининг атоқли намояндаси Тошканбой Эгамбердиевнинг хизмати жуда катта (қаранг Тошканбоевлар), 20-асрнинг ўрталаридан бошлаб ўзбек дорбозлари репертуарига бирмунча ўзгаришлар киритилди. Муҳофаза воситаларидан фойдаланиш натижасида дор устида янги, мураккаб ўйинлар ижро этила бошлади. Якка киши машқлари билан бир қаторда 2, 3, 4 киши ижро этадиган машқлар кўрсатиладиган бўлди. Жумладан, икки дорбознинг бир-бирини елкасида ёки бошида туриб дордан ўтиши, обкашнинг икки томонида ўтирган дорбозларни олиб ўтиш, дорда ўтирган дорбоз устидан сакраб ўтиш, умбалоқ ошиш, елкаси билан дорга тиралиб, оёқни тепага чўзиш, икки дорбоз елкасига ўрнатилган тахта кўприкча устида тик туриш ва ҳоказо. Бу каби мураккаб ўйинлар 1950–1970-йиллар фаолият кўрсатган Шокиржон Тошканбоев, Одамбой Иброҳимов, Усмонжон Нишонбоев, Эргаш ва Ҳакимжон Парпиевлар, Қосим Абдуллаев, Жўрахўжа Норхўжаев раҳбарлигидаги жамоаларда намойиш этилган. Ҳоз. кунда Юнусали Ғозиев, Ноибжон Ҳакимов, Тўлқин Болтабоев, Аҳаджон Муродов, Аҳаджон Набиев, Анвар Мўйдинов раҳбарлигидаги жамоалар дорбозлик анъаналарини давом эттириб келмоқда. Дорбозлик санъатини ривожлантириш ва тарғибот қилиш мақсадида мунтазам равишда дорбозлар кўриктанлови ўтказилади. Мурод, Тоҳир ва Беҳзод Тошканбоевлар „Уч кишилик устун“ ўйинини намойиш этмоқда.
Мустақилликдан сўнг ўзбек дорбозлари ўз санъатларини дунёнинг турли мамлакатларида намойиш этмоқдалар. „Ўзбекдавлацирк“ республика бирлашмасининг Олимжон, Тоҳир ва Мурод Тошканбоевлар раҳбарлигидаги „Ўзбекистон дорбозлари“ жамоалари қад. Дорбозлик анъаналарини замонавий сиркнинг бадиий ифода воситалари билан бойитиб келмоқда.
Адабиётлар
[edit | edit source]- Тошканбоев, Пўлат. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |