Маннон Уйғур
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Маннон Уйғур (тахаллуси; асл исмшарифи Мажидов Абдуманнон) (1897.11.10 – Тошкент – 1955.15.10) – режиссёр, актёр, драматург. Ўзбекистон халқ артисти (1932). Европа шаклидаги ўзбек театр санъати ва ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри (собиқ Ҳамза номидаги театр) асосчиларидан. 1916-йил „Турон“ труппасида актёр сифатида иш бошлаган. Сафарбек (Н.Везиров, „Уй тарбиясининг бир шакли“), Маркиз Робл („Қотили Карима“), Ҳожи Бахшали (Ж. Қулизода, „Ўликлар“), Хизматкор (А. Авлоний, „Адвокатлик осонми?“), Заҳҳок (А. Фитрат, „Абу Муслим“), Эшимқул (Уйғур, „Туркистон табиби“), Маҳмудхон (Ҳамза, „Заҳарли ҳаёт“), Раҳим ака (Ғ.Зафарий, „Халима“), Нуриддин (А.Фитрат, „Чин севиш“), Миллер (Ф. Шиллер, „Макр ва муҳаббат“), Карл Моор („Қароқчилар“) каби кулгили, драматик, фожиавий романтик образлар яратган. Театрни жадидлар сингари маърифат ўчоғи, ибратхона деб билган. 1919-йилда „Турон“ трупп сини қайта тиклаб, унга истеъдодли ёшларни жалб этиш, драматурглар билан янги асарлар устида иш олиб бориш, таржима қилиш, саҳналаштириш, саҳна ижодкорларини малакасини ошириш масалалари билан муттасил шуғулланган. 1918—20 йиллар Абдулла Авлонийнинг „Адвокатлик осонми?“ комедиясини, Ҳамзанинг „Заҳарли ҳаёт ёхуд Ишқ қурбонлари“, „Бой ила хизматчи“, „Туҳматчилар жазоси“ асарларини, Ғози Юнуснинг „Заҳҳоки морон“ трагедиясини, Абдулла Қодирийнинг „Бахциз куёв“, Ғулом Зафарийнинг „Ҳалима“, Фитратнинг „Абу Муслим“, „Чин севиш“ драмаларини саҳналаштириш билан театр репертуарини миллий асарлар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Ўзи ёзган „Туркистон табиби“, „Фанний уй“, „Ўн икки соатлик ҳокимият“ песаларини ҳам саҳналаштирди. Шунингдек, озарбайжон драматурглари асарлари („На қонур, на қондирур“, „Хўрхўр“, „Дурсунали Баллибоди“, „Иблис“, „У ўлмаса, бу ўлсун“ ва бошқалар)ни ҳам таржима қилиб саҳналаштирди. У ўзининг кўпқиррали фаолияти билан ҳаваскорлик труппасини Ўзбек давлат ўлка намуна театри даражасига олиб чиқди. Марказий Осиё бўйлаб томошалар кўрсатди. 1922-йил театр ишларини йўлга қўйиш учун Бухорога юборилган. „Абу Муслим“, „Ҳалима“, „Туркистон табиби“ асарларини саҳналаштириб, бухоролик ҳаваскорларни сақна қонун қоидаларига ўргатади. Карки шаҳрида биринчи театр труппаси ташкил қилади. 1923-йил Москва давлат марказий театр санъати техникумининг режиссёр лик бўлимига ўқишга киради. Шу йили унинг ташаббуси билан Москвадаги Бухоро халқ маорифи уйи қошида ўзбек драма студиясини очишга қарор қилинар экан, У. Бухоро, Тошкент, Андижон, Қўқон ш.ларидаги театрга истеъдодли ёшларни тўплайди. 1924-йил Москвада Ўзбек драма студияси иш бошлайди. У. студиянинг ҳам талабаси, ҳам ташкилотчи раҳбари бўлиб, Чўлпон билан бирга студия педагоглари Л. Свердлин, Р. Симонов, В. Кансел ва бошқаларга таржимонлик қилиб, спектакллар қўйишда ёрдамлашади. „Хасис“ (Молер, У. Гарпагон ролида), „Терговчи“ (Н. Гогол), „Маликаи Турандот“ (К. Гоции, У. Алтоум ролида) спектаклларининг яратилиши ва мамлакатимизда намойиш этилишида У.нинг хизмати беқиёс. Ўзи мустақил „Шайх Санъон“ (Ҳ. Жовид), „Ёрқиной“ (Чўлпон) каби асарларни саҳналаштирди. 1927-йил У. бошлиқ 24 нафар ўзбек ёшлари Самарқандга қайтиб, Ўзбек давлат драма труппасининг ўзагини ташкил қилдилар. У. „Арслон“ (Фитрат), „Ҳужум“ (В. Ян, Чўлпон), „Фарҳод ва Ширин“ (Хуршид), „Муштумзўр“ (Чўлпон), „Тарих тилга кирди“ (З. Сайд, Н. Сафаров), „Ниқоб йиртилди“ (З. Фатхуллин), „Лойқалар“ (С. Ҳусайн) каби турли мавзу ва жанрда яратилган спектаклларида ўз истеъдоди ва студияда орттирган тажрибасини рўёбга чиқариш, студияни битирган ва ҳаваскорликдан кириб келган актёрларни тарбиялаш ҳаракатида бўлди. У.нинг режиссёрлик ва актёрлик маҳорати юксалиб, Шекспирнинг „Хамлет“ трагедиясини саҳналаштириши ўзбек профессионал театрининг камолот палласига ўтганидан дарак берди. „Ҳамлет“дек мураккаб асарни саҳналаштиришда У. актёрларни қирол саройидаги киборларнинг кийиниши, ўзини тутиши, ўзаро мулозамат, таъзим, сўз ва нутқ устида қунт билан ишлаш, образларнинг тарихийфалсафий мохиятини очиш сари йўналтирди. Томошабинларни эса бундай юксак трагедияни идрок этишга тайёрлаш мақсадида театрнинг ўзида, матбуот орқали тушунтириш ишлари олиб борилди, макет ва постановка тарихига оид кўргазма ташкил этди; спектаклнинг махсус дастури ва Чўлпон таржимаси эълон қилинди. Бош ролни Аброр Ҳидоятов ижро этди. Спектакл қаторасига 22 кун ўйналиб, катта муваффақият қозонди. „Ҳамлет“ спектакли туфайли У. 30-йиллардаги қатағондан омон крлган бўлсада, таҳқирланган бир шароитда ижод қилди. Қачонки у бир асарни саҳналаштирмоқчи бўлса, унинг ёнига албатта бир рус режиссёрини тайинлашарди. „Отелло“ (Н. Ладигин бн), „Муқанна“ (Э. Михоэлс бн). „Бир севги афсонаси“ (А. Гинзбург бн) каби спектаклларни шу таҳқир остида саҳналаштирди. „Жалолиддин Мангуберди“, „Ҳаёт қўшиғи“, „Алишер Навоий“ спектаклларини мустақил саҳналаштиргани учун турли тафтишларга учради. Айниқса, „Алишер Навоий“ драмасининг саҳнавий талқини Навоийни идеаллаштиришда айбланди. Танқидий мулоҳазалар остида Навоийни Маждиддин билан зиддиятларини кучайтиришга, Ҳусайн Бойқарони иродасизроқ, субуцизроқ қилиб гавдалантиришга мажбур бўлди. Навоийнинг оддий халқ билан алоқасини янада кучайтирди. Саҳна нутқи, талаффуз устидаги ишини давом эттириб, гўзал бир саҳна тилининг яратилишига эришди. Спектаклда У.нинг адолат, тенглик, инсонпарварлик, меҳрмурувват, соф муҳаббат ва нафосатни тараннум этишга қаратилган режиссёрлик ғоялари актёрлар яратган образларда ўз аксини топди. 1948-йил „Алишер Навоий“ драмасининг янги таҳрири намойиш қилинди ва катта муваффақият қозонди ҳамда У., асосий ижрочилар Давлат мукофотига сазовор бўлдилар (1949). Асар 42 йил мобайнида 760-марта ўйналиб, 350 минг томошабинга хизмат қилди. 1955-йил Р. Ҳамроев билан биргаликда Муқимий театрида „Муқимий“ (С. Абдулла) спектаклини саҳналаштирди. Бу унинг сўнгги спектакли бўлди. Миллий театрда, Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида актёр ва режиссёрларнинг уч авлодини тарбиялаб етиштиришда У.нинг хизмати катта. Тошкент санъат институтига (1991), Сурхондарё театрига (1978) Маннон Уйғур номи берилган. Тошкент шаҳридаги кўчалардан бири У. номи билан аталади. Вафотидан сўнг "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган (2001).
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |