Меъда
Меъда, ошқозон (лотинча: гастер; қадимги юнонча: γαστήρ) — овқат ҳазм қилиш системасининг кенгайган қисми. Меъдада овқат сақланади, майдаланади ва қисман ҳазм бўлади. Меъда ичакнинг олдинги ихтисослашган қисми сифатида биринчи марта айрим бўшлиқичлилар, ясси чувалчанглар ва халқали чувалчангларда пайдо бўлади. Умуртқали ҳайвонларда меъда ичакнинг олдинги кенгайган қисми ҳисобланади. Айрим балиқларда меъда ихтисослашмаган, кўпчилик балиқларда қизилўнгач ва ичакдан аниқ ажралмаган. Сувда ва қурукликда яшовчиларда меъда ҳазм қилиш системасининг бошқа қисмларидан аниқ ажралган. Қушлар меъдаси мустақил безли ва мускулли бўлимдан иборат. Сут эмизувчилар Меъдаси мураккаб тузилган бўлиб, кириш ва чиқиш қисми ҳамда Меъда туби ва танасидан ташкил топган. Кўпчилик кавшовчи сут эмизувчилар меъдаси 4 бўлма: катта қорин, тўрқорин, қатқорин ва ширдондан иборат. Айрим китлар меъдаси 5 ва 6 бўлмали бўлади. Безли қаватнинг тузилишига кўра, безли ёки ичак типидаги (одам, мушуклар, итлар), қизилўнгач (ехидна, ўрдакбурун) ҳамда аралаш, яъни қизилўнгач-ичак (отлар, чўчқаларда) типидаги меъда фарқ қилинади. Кўпчилик сут эмизувчиларда меъда безлари ихтисослашган бўлади.
Одамда меъда қорин бўшлиғида жойлашган бўлиб, шакли ловияга ўхшайди. Унинг кўпроқ қисми чап томондаги қовурға ости соҳасида, озроқ қисми эса қорин бўшлиғи тепа бўлагининг ўртасида туради. Меъда танасининг юқори қисми (туби) кенгайган ва диафрагмага қараган. Меъдадан чиқиш қисм (пилорус) қориннинг ўрта чизиғи орқасидан ўнгга ўтади. Меъданинг кириш қисми қизилўнгачдан бошланса, чиқиш қисми 12 бармоқ ичакка қўшилади. Овқат билан ўртача тўлган Меъда юқоридан жигарнинг пастки юзасига ва диафрагмага; пастдан кўндаланг ичак ва унинг тутқичига тегиб туради. Меъданинг ботиқ чеккаси (кичик қийшаймаси) ўнгга ва юқорига, қавариқ чеккаси (катта қийшаймаси) чапга ва пастга қараган. Меъдадан чапда - талоқ, пастда ва орқада - меъда ости бези бор. Меъда ҳамма томондан қорин пардаси билан ўралган. Меъда сиғими ҳар кимда ҳар хил: янги туғилган болада 20-30 мл, ўрта ёшдаги одамларда 1-3 л; эркаклар меъдаси аёлларникига нисбатан каттароқ бўлади.
Меъда девори шиллиқ, шиллиқ парда ости, мускул ва сероз қаватдан иборат. Меъда ташқаридан сероз парда билан қопланган. Унинг остидаги мускул қавати бўйлама (ташқи), кўндаланг ва қийшиқ йўналган толалардан тузилган. Шиллиқ парда ости қавати меъданинг мускул қаватини шиллиқ пардага боғлайди. Бу қават қон томир ва нервларга бой. Меъданинг ички юзаси шиллиқ парда билан қопланган, бу парданинг бурмалари остида жуда кўп безлар бор. Меъдага кириш қисм (кардиа) ва тубдаги безлардан шилимшиқ, пилорус безларидан эса ферментлар ишланиб чиқади. Меъда билан 12 бармоқ ичак чегарасида пилорус сиқувчиси (сфинктери) бор, у бир неча қават сиркуляр мускуллардан тузилган бўлиб, меъданинг вақти-вақти билан бўшаб туришини таъминлайди. Меъда силлиқ мускулларининг қисқариши натижасида меъдада тоник перисталтик ҳаракатлар бўлади. Меъдага тушган овқат миқдорига қараб тоник қисқариш узлуксиз узок, давом этади. Перисталтик - тўлқинсимон ҳаракатлар Меъданинг кардиа қисмидан пилорус қисмига томон бўлади, бу ҳаракатлар овқатни аралаштиради ва ичакка ўтказиб беради. Бўш меъда қисқарган ҳолда туради; оч қоринга ичилган сув меъдада тўхтамай ичакка ўтади. Меъданинг кириш қисмидан тушган овқат меъда деворларини кенгайтиради ва перисталтикаси туфайли аста-секин пастга томон сурилади. Меъда овқатни аралаштиради, ҳазмга мослайди, кимёвий ўзгартиради ва ичакка ўтказиб беради (эвакуация). Меъда ширасидаги хлорид кислота таъсирида овқат бўкиб, гидролиз қилувчи ферментлар таъсир этиши учун қулай муҳит вужудга келади. Меъданинг туби ва танасида жойлашган найсимон безлар хлорид кислота, қолган безлар эса пепсин ва шиллиқ суюклигини ажратади, буларнинг чиқиши овқат сифати ва миқдорига боғлиқ бўлиб, уни нерв системаси ва гуморал омиллар бошқаради. Биринчи (шартли рефлекс) фазасида овқатни кўриш, ҳидининг бурунга кириши, ейиш, оғиз ва ҳалқум рецепторларининг таъсирланиши вужудга келади. Иккинчи (нейрогуморал) фазада овқатнинг Меъда шиллиқ пардасига бевосита таъсири шира чиқартиради. Учинчи (ичак) фазада 12 бармоқ ичак рецепторларининг қитиқланишидан вужудга келадиган рефлектор таъсир ва ичакдан қонга сўриладиган озиқ моддалар таъсири меъдадан шира чиқишига олиб келади. Овқат Меъдада 3 соатдан 8-10 соатгача туриши мумкин. Шу вақт ичида овқат меъда шираси билан тўла шимилади ва аста-секин оз-оздан 12 бармоқ ичакка ўтади. Меъда касалликларидан гастрит, яра касаллиги ва ўсмалар кузатилади[1].
Манбалар
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |